Журнал ҳақида
Илмий-амалий тадқиқотлар ва инновацион ишланмалар ривожлантирилиши ҳамда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш жараёнларига татбиқ этишни рағбатлантириш бўйича амалий механизмлар яратиш, фан ва ишлаб чиқаришни янада мустаҳкам алоқасини таъминлаш мақсадида, шунингдек илмий тадқиқот ташкилотлари ҳамда реал сектор корхоналари ўртасида инновацион ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15.07.2008 йилдаги ПҚ-916-сонли «Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорида Олий ўқув юртлари олдига бир қатор вазифалар қўйилган.
Ушбу вазифаларни ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 11.10.2006 йилдаги 214-сонли “Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарори ҳар томонлама ўрганиб чиқилди. Ушбу қарорнинг биринчи “Умумий қоидалар” номли бобининг иккинчи бандида оммавий ахборот воситаси дейилганда оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг доимий номга эга бўлган ҳамда босма тарзда (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар ва бошқалар) ва (ёки) электрон тарзда (теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар, умумфойдаланишдаги телекоммуникация тармоқларидаги веб-сайтлар) олти ойда камида бир марта нашр этиладиган ёки эфирга бериладиган шакли ҳамда ахборотни даврий тарқатишнинг бошқа шакллари тушунилади, деб таъкидланганлиги боис Тошкент давлат шарқшунослик институтининг “ХХI аср: фан ва таълим масалалари” номли илмий электрон журналини таъсис этиш бўйича ТДШИ Кенгашининг қарори қабул қилинди.
«ХХI АСР: ФАН ВА ТАЪЛИМ МАСАЛАЛАРИ» илмий журнали – иқтисодий, ижтимоий, илмий-назарий ва амалий-услубий характердаги мақолалар чоп этиладиган электрон журнал.
Журнал ўзбек, рус ва инглиз тилларида, бир йилда 4 марта институт расмий сайтида журналнинг расмий домени орқали янгиланиб эълон қилиб борилади.
Журналда қуйидаги рукнлар мавжуд:
- Иқтисод ва минтақашунослик
- Халқаро муносабатлар
- Тилшунослик
- Адабиётшунослик
- Адабий манбашунослик ва матншунослик
- Тарих ва манбашунослик
- Фалсафа ва маданият
- Педагогика ва методика
- Ахборот ва коммуникаиця технологиялари ўқув жараёнида
- Баркамол авлод тарбияси
- Тақризлар
Ҳозирги кунда илмий электрон журналлар чет элнинг етакчи университетларида кенг жорий қилинган. Ахборотлашган жамиятнинг шаклланиб бориши билан умумфойдаланишдаги телекоммуникация тармоқларидаги веб-сайтлар негизида ташкил қилинаётган электрон оммавий ахборот воситаларининг салмоғи ортиб бормоқда. Бу турдаги нашрларнинг кенг амалиётга жорий этилиши нафақат ахборотларни тезкор етказиб беришни оширади, балки қоғоздан ҳам самарали фойдаланишга олиб келади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 22.07.2010 йилдаги 155-сонли “Республикада қоғозни тежаш ва ундан рационал фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар” ҳақидаги Қарорида ҳам бошқарув тизими, локал ва тармоқлараро масалаларни тезкор ҳал қилиш жараёнларида қоғозни сарф қилишни камайтириш борасида ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорийқилиниб борилаётгани таъкидлаб ўтилган. Электрон ҳужжат алмашуви тизимидан амалиётда кенг фойдаланишга ўтилмоқда ва давлат ҳамда ташкилотларнинг интерактив турдаги хизматлари тармоғи кенгаймоқда. Бошқарув жараёнларининг ҳужжат айланишида қоғозни тежаш ва ундан рационал фойдаланиш борасида ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш вазифаси ушбу қарорда долзарб қилиб келтирилган.
Республикамизнинг етук олимлари ва амалиётчиларининг нуфузли илмий ишлари натижалари билан ёш олимлар, катта илмий ходим-изланувчилар, мустақил изланувчилар ва магистрларни яқиндан таништириб бориш ҳамда республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларида эришилаётган инновацион ютуқларини оммага тезкорлик билан етказиб бериш ушбу электрон журналнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.
Журналнинг Интернет ахборот тармоғидаги манзили “www.sharqjurnali.uz” деб номланади.